Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда.
Президентимиз қурилиш ишларининг бориши билан танишди. Қурилиш лойиҳасига кўра, Ҳазрати Хизр мақбараси атрофида миллий меъморлик анъаналари асосида қўшимча айвонлар, чойхона қурилмоқда, бошқа қулайликлар яратилмоқда. Давлатимиз раҳбарига мазкур қурилиш обеъктларининг лойиҳалари ҳақида сўзлаб берилди.
Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун бўлиши зарурлигини таъкидлади. Айвонлар мақбара билан ҳамоҳанг бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди.
Уни янада такомиллаштириш, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратиш бўйича тавсиялар берди. Мажмуа атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш, замонавий тунги ёритиш тизими билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.