Украина Россияга қарши Гаагадаги Халқаро судга расман даъво аризаси берди. Бу ҳақда президент Владимир Зеленский ўзининг Instagram'даги саҳифасида маълум қилди.
"Биз Россиянинг тажовузни оқлаш учун геноцид тушунчасини бузиб кўрсатгани учун жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз. Биз суддан Россия Федерациясига зудлик билан жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва суд мажлисларини келаси ҳафтага белгилашни талаб қилишни сўраймиз", - деб ёзган давлат раҳбари.
Маълумот учун, февраль ўрталарида Россия президенти Владимир Путин Донбассда содир бўлаётган воқеаларни геноцид, деб атаганди.
"Украинада инсон ҳуқуқлари оммавий ва мунтазам равишда бузилмоқда, русийзабон аҳолига нисбатан камситиш қонунчилик даражасида белгилаб қўйилган. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, Донбассда содир бўлаётган воқеалар геноциддир", - деганди Путин Германия канцлери билан музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида.