Рамазон ҳайити арафасида Чеченистон Республикасида бўлган Ўзбекистон делегацияси Рамзан Қодировга Шавкат Мирзиёевнинг табриклари ва совғасини топширди. Бу ҳақда Қодиров ўзининг Telegram-саҳифасида маълум қилди.
Унинг ёзишича, Ўзбекистон делегацияси унга олтин ва кумушдан ясалган "Пои Калон ансамбли" номли 3D-картинани совға қилди.
Таъкидланишича, Пои Калон – Бухородаги меъморий ансамбл. Ансамбл таркибига бир пайтлар Чеченистон президентининг отаси Ахмат Қодиров таҳсил олган Мир Араб мадрасаси киради.
“Меҳрибон отам Бухорода ўқиган даврларини доимо фақат яхши сўзлар билан эслар, самимий ва меҳрибон аҳоли ҳақида гапирарди”, - деб ёзади Рамзан Қодиров.
Чеченистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга Россия Федерацияси билан самарали ҳамкорлик учун ҳам миннатдорлик билдирган.
Шунингдек, у барча Ўзбекистон аҳолисини яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан табриклади.