Ижтимоий тармоқларда Хоразмда металлоломга топширилган снаряд портлаб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мудофаа вазирлиги ҳодиса юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, ушбу снаряд вазирлик тасарруфида бўлмаган ҳудудда маҳаллий чўпонлар томонидан ўзбошимчалик билан қазиб олинган ҳамда металлоломга топширилган.
"Шуни алоҳида такидлаш керакки, бундай ҳолатларда фуқаролар хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга зудлик билан хабар қилиши шарт. Ушбу воқеага ҳарбий хизматчиларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ ва жиноий жавобгарликка тортилмаганини маълум қиламиз. Мазкур турдаги снаряд Ўзбекистон Қуролли Кучларида мавжуд эмас. Маълумотларга кўра, бу турдаги снаряд 1970 йилларда қўлланилган.
Айни вақтда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Республикадаги барча электрон нашрлар ва блогерлардан маълумотларни нотўғри талқин қилмасликларини сўраймиз. Эслатиб ўтамиз, асосланмаган ёлғон хабар тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида жавобгарлик мавжуд.", - дейилади хабарда.
Ҳодиса натижасида вафот этган ёки жароҳатланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Изоҳ