Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида дўконлардан бирида ўғирлик жинояти содир этилди. Икки нафар шахс соат тунги 02:30 да смартфонлар сотиладиган дўкон ойнасини синдириб, ичкарига кирган ва телефонларни олиб кетган. Бу ҳақда пойтахт ИИБ Матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Эрталаб соат 10:00 да, яъни дўконни очиш мақсадида келганимда, дўконнинг кириш эшиги, мана, орқамдаги эшик синиб ерда ётган ҳолатини кузатдим. Дўконга кирганимда умумий ҳисобда 41 та iPhone, Apple русумли телефон ва қўшимча телефон маҳсулотлари йўқолганининг гувоҳи бўлдим. Умумий суммада 330 миллиондан ошиқроқ зарар етказилган. "102"га қилдим, ходимлар, жуда тез етиб келишди", - дейди дўкон эгаси.
Чилонзор тумани ходимлари томонидан икки нафар гумонланувчи процессуал тартибда ушланиб, дўкондан ўғирланган телефонлар ҳамда аксессуарлар ашёвий далил сифатида олинган.
Аниқланишича, гумонланувчилардан бири ёш бўлишига қарамай, бундан аввал ҳам уч маротаба ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун судланган ва жазони ўтаб чиққан.
"Биз оғайним билан режалаштирган эдик. Мен таклиф қилганман, у рози бўлган. Ўша магазинга бордик. Тош олдим, шишали эшик эди-да. Эшик синди, тешик бўлди. У орқасига қочди. Кутдик уч-тўрт минут, ким келяпти, нима бўляпти, ўзи ҳеч ким келмади. Мен бордим, эшикни тепдим. Кейин биз магазинга кирдик. Шкафни очдим, қарасам сейф турибди. Сейфни олиб чиқдик. Арендага болгарка олиб, сейфни кесдик. Ичида 41 битта телефон чиқди. Мен эрталаб iPhone 11 Pro‘ни 100 долларга сотдим. Обед вақтида яна телефонлар сотдим. Охирги сотган телефонларим 4,5 миллион: iPhone 12 Pro, iPhone 13. Телефонларни сотиб, пулини олиб, 50 фоизини шеригим билан бўлишдик. Мен ўзим учун ишлатганман", - дейди гумонланувчи йигит.
“Мен билмасдан иш қилиб қўйдим. Акажон, кечирим сўрайман. Тадбиркордан, халқимиздан кечирим сўрайман, юзини ерга қаратиб қўйганимга. Бошқа бунақа қайтарилмайди.Қилган ишимдан пушаймонман. Тадбиркорлардан, шеригимдан, тортгани учун, бу ишга тортгани учун мен кечирим сўрайман. Халқимдан ҳам кечирим сўрайман. Қилган ишимдан мен пушаймонман. Ҳеч кимга маслаҳат бермайман унақа иш қилинглар деб. Бу ёмон нарса. Менинг оқибатимни қайтарманглар”, - дейди шериги.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирги кунда гумонланувчи Ғ.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Иккинчи шериги вояга етмаганлигини инобатга олган ҳолда шахсий кафиллик эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Изоҳ