БМТнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференсияси тадбирлари доирасида Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг "Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон президенти Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва туркман халқига юксак давлат мукофоти учун чуқур миннатдорлик билдирди.
"Ушбу мукофотни Ўзбекистон ва унинг кўп миллатли халқига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ҳурмат, Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимиз эътирофи сифатида қабул қиламан," - дея таъкидлади президент.
Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев Туркманистон халқини шу кунларда ўтаётган БМТ конференсияси билан табриклади ҳамда жорий йил декабрь ойида Ашхободда бўлиб ўтадиган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасидаги глобал саммит муваффақиятли ўтишини тилади.
Эслатиб ўтамиз, "Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" ордени хорижий давлатларнинг атоқли давлат ва жамоат арбобларига халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари, шунингдек, Туркманистоннинг хорижий давлатлар билан иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган шахсларга берилади.
Аввалроқ Орден билан Россия президенти Владимир Путин (2017 йил 1 октябрь), Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған (2021 йил 29 ноябрь), Россия Федерал Мажлиси Федератсия Кенгаши раиси Валентина Матвиенко (2022 йил 12 май) ва Озарбайжон Миллий Мажлиси раиси Соҳиба Гафарова (2022 йил 8 декабрь) тақдирланган эди.
Изоҳ