Жорий йилнинг 3 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди Олмазор тумани ИИО ФМБ тергов бўлими собиқ терговчиси, 1995 йилда туғилган С.Ж.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди.
Иш ҳужжатларига кўра, жорий йилнинг март ойида С.Ж. ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Янги тергов жараёнида маълум бўлишича, у 2023 йилда хизмат вазифасини бажариб турган вақтида фуқаро А.Б.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят ишини тугатган, шунингдек, А.Б.нинг ИИВ депозитига етказилган зарарни қоплаш учун киритган пуллари (45 млн сўм) ишга алоқаси бўлмаган учинчи шахсга - унинг танишига берилганлиги тўғрисида сохта қарор чиқарган.
Шунингдек, собиқ терговчи ушбу маблағларни хизмат мавқеидан фойдаланиб, ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ўзлаштиргани аниқланган.
Суд қарори билан С.Ж. ЖКнинг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан айбдор деб топилди, бироқ ушбу модда бўйича жавобгарликка тортиш муддати тугаганлиги сабабли жазодан озод қилинди (суд 2023 йил 25 мартда содир этилган унча оғир бўлмаган жиноят сифатида тавсифлади).
Шунингдек, у ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми "в, г" банди (мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож қилиш) бўйича айбдор деб топилган. Қайд этилишича, у ўғирланган пулларни тўлаган.
Аввалги ҳукми инобатга олиниб, унга 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, шунингдек, 3 йил муддатга ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.
Изоҳ