Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия президенти Александр Вучичнинг расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари ҳамкорлик давридаги биринчи саммит тарихий аҳамиятга эга бўлишини ва Ўзбекистон-Сербия муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади.
"Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган йилда Сизнинг расмий ташрифингиз тарихий воқеадир. Ўзбекистонда Сербияга катта хайрихоҳлик билан қарашади. Халқларимизни мустаҳкам дўстлик ришталари, ўхшаш менталитет боғлаб туради," - деди Шавкат Мирзиёев.
Товар айирбошлашни кўпайтириш, машинасозлик, фармацевтика, кимё саноати, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, агросаноат мажмуи, туризм ва кўплаб бошқа муҳим тармоқларда кенг кўламли кооперация дастурини тайёрлашга устувор аҳамият қаратилди.
"Марказий Осиё - Болқон" янги транспорт йўналишларини, шу жумладан Транскаспий йўлаги доирасида ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Ҳамкорликнинг иқтисодий кун тартибини илгари суриш мақсадида келгуси йилда Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олинди. Уюшган меҳнат миграцияси, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Бўлиб ўтган музокаралар якунида икки мамлакат Президентлари Қўшма декларацияни имзоладилар.
Шунингдек, етакчилар ҳузурида ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўпламини имзолаш маросими бўлиб ўтди, улар орасида:
- Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида битим;
- Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Тиббий хизматлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Муҳандислик, илғор технологиялар, сунъий интеллект ва турдош соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Дипломатик кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- 2026-2027 йилларга мўлжалланган вазирликлараро ҳамкорлик дастури;
- Меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- Спорт ва жисмоний тарбия соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Тошкент ва Белград ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим.
Изоҳ