Давлат хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан Тошкентнинг Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасида ўтказилган тезкор рейд тадбирида ЙПХ ходимлари томонидан фуқаро Д.О. бошқарувидаги оқ рангли Lacetti русумли автомашина тўхтатилди.
Ҳужжатларни текшириш чоғида ҳайдовчи ДХХ ходими эканлигини айтиб, инспекторларга гўёки ДХХ томонидан берилган гувоҳномани кўрсатган. У, шунингдек, уни қўйиб юборишни сўраган ва ўзининг айтишича, юқори лавозимда ишлайдиган бир "раҳбар"га қўнғироқ қилиб, уни қўйиб юборишга буйруқ берган.
Бироқ, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари шубҳали хатти-ҳаракатларни пайқаб, ушбу фуқаронинг маълумотларини текшириб кўришган. Натижада гувоҳнома қалбаки эканлиги ва унинг Давлат хавфсизлик хизматига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги маълум бўлган. Гумонланувчи ашёвий далиллар билан воқеа жойида қўлга олинган.
Аниқланишича, муқаддам судланган 32 ёшли Д.О.нинг бошқа эпизодлар ҳам ошкор бўлди: у ўзини бир неча бор Президент Администрацияси ёки турли ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими сифатида таништиргани, шунингдек, бошқа вазирлик ва идораларда ишлаётганини айтиб, юқори ташкилотлар номини яширгани маълум бўлди. У "амалдор" ниқоби остида ўзининг шахсий ишларини олдиндан тайёрлаб қўйилган қалбаки гувоҳномалар ёрдамида ҳал қилиб келган.
"Мен ўзимни президент администрациясидан Алишер ака Сулаймонов деб таништирганман. Кейин мен уларнинг жияни эканимни айтганман. Ишларимни тезроқ битириш учун озгина ёрдам сўраганман. Бу жуда ҳам нотўғри. Давлат раҳбаридан ва халқимиздан кечирим сўрайман. Ёшлик қилиб қўйдим, кечиринглар" - деди фуқаро.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи О.Д. ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми "а," ва "б" бандлари ҳамда 228-модданинг 3-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) бўйича айбдор деб топилди. Унга нисбатан 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони манзил-колонияда ўташ белгиланди.
Изоҳ