Humanola технологияси одамсимон (ҳуманоид) роботларни жуда узоқ масофадан туриб кечикишсиз бошқариш имконини беради. Компания таклиф этаётган дастурий таъминот орқали АҚШдаги робот Жанубий Кореядан туриб муваффақиятли бошқарилган. Технология VR гарнитураси орқали робот ҳаракатларини инсон қилаётган ҳаракатлар билан синхронлаштиришга асосланади.
Лойиҳа АҚШнинг Жоржия штатидаги CREATE-X акселератори қошида ривожлантирилмоқда. Стартапнинг миссияси — жисмоний AGI технологияларини юқори самарадорлик билан амалга татбиқ этиш.
Санжар Атамуродов ҳақида: Самарқандлик муҳандис робототехника бўйича таҳсилни Жанубий Кореянинг KAIST университетида бошлаган. Кейин Жоржия технологиялар институтида изланишларни давом эттирди. Унинг тадқиқотлари роботлар ҳаракатидаги изчиллик, барқарорлик ва масофадан бошқариш имкониятларини кучайтиришга қаратилган. Humanola айнан шу изланмалар натижаси сифатида пайдо бўлди.
Атамуродовнинг айтишича, технология инсон учун хавфли бўлган ҳудудларда — юқори нурланиш ёки жисмоний хавф мавжуд соҳаларда биринчи навбатда қўлланиши режалаштирилган. Стартап маҳсулотини 2026-йилдан бозорга чиқариш режалаштирилмоқда. Унинг сўзларига кўра, стартап фаолиятини келгусида Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйиш нияти бор.
Humanola учун кейинги босқич — робот сенсорларидан жамланадиган улкан маълумотлар базаси орқали уларнинг тўлиқ автоном ишлашини таъминлаш. Ҳозирда дастур иккита компания томонидан роботларни масофавий бошқаришда қўлланмоқда.
Атамуродов робототехника ва сунъий идрок инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланаётганини таъкидлади. Унинг фикрига кўра, кейинги 12 ойда юқори самарадорликка эга роботларни амалиётга татбиқ этиш бўйича муҳим силжишлар кутилаётгани айтилди.
Яна шуни қайд этдики, робототехника соҳасида муваффақиятга эришиш учун ёшларга аниқ фанларга эътибор бериш, роботлар билан амалиёт олиб бориш ва ўз устида тинимсиз ишлаш зарур.
Муаллиф: Шер-Али Бўрибоев
Изоҳ