Тошкент шаҳар ИИББда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси очилди. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар қилди.
Маросимда ИИВ раҳбарияти, пойтахт жамоатчилиги, марҳумнинг сафдошлари ҳамда оила аъзолари иштирок этди. Тадбир давомида жасорат кўрсатиб ҳалок бўлган ходимлар хотираси ёдга олиниб, ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйилди.
Ички ишлар вазири Ҳосилбек Эшназаровнинг хизмат фаолияти, бурчга садоқати ва унинг президент томонидан эътироф этилгани ҳар бир ходим учун ибрат эканини таъкидлади. Шунингдек, жасур фарзандни тарбиялаган ота-онасига миннатдорлик билдирилди.
Маълум қилинишича, Ҳосилбек Эшназаров президент фармони билан "Жасорат" медали билан мукофотланган. Медал маросимда унинг отасига топширилди. Шунингдек, президент совғаси сифатида Эшназаровлар оиласига уч хонали хонадон тақдим этилди.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 62-мактабда ҳам марҳум хотирасига ёдгорлик барпо этилиши режалаштирилган.
Мустақиллик йилларида 118 нафар ички ишлар ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган. Ҳосилбек Эшназаров ҳам ана шундай жасур ўғлонлар сафидан жой олди.
Изоҳ