Бугун жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Солиқ қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Мубин Мирзаев ва ва бошқаларга (жами 9 нафар)нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.
Суднинг ҳукми билан М.Мирзаев Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди (ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси 2-қисмининг “а” банди (мансаб ваколатини жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда суиистеъмол қилиш) ва 208-моддасида (ҳокимият ҳаракатсизлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Бошқа судланувчилар (улар орасида муқаддам бир неча марта судланганлар ҳам бор) Жиноят кодексининг 141-2-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 184-моддаси (солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва бошқа моддаларнинг тегишли қисми ва бандлари билан айбдор деб топилиб, улар 4 йилдан 9 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди.
Шунингдек, суд ҳукми билан етказилган зарарлар ундирилиши ҳам белгиланди.
Тайинланган жазолар судланувчиларга нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев январь ойида етти йилдан буён ишлаб келаётган Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг масъулиятсизлиги ва лоқайдлигини айтганди ва ишдан олганди.
Изоҳ