5 август куни STAR.VISION компанияси Хитойнинг Шаньдун провинцияси соҳиллари яқинидаги денгиз старт платформасидан «Samarkand-2028» ва «Lampung-1» гиперспектрал сунъий йўлдошларини космосга учиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, «Samarkand-2028» сунъий йўлдоши «Ўзбеккосмос» агентлиги ҳамда STAR.VISION компанияси ўртасида имзоланган меморандум доирасидаги стратегик ҳамкорликнинг амалий натижаси ҳисобланади.
Меморандумга мувофиқ, Хитой томонидан учирилаётган гиперспектрал сунъий йўлдошга «Samarkand-2028» номи берилган. Бу ном 2028 йилда Самарқанд шаҳрида Халқаро астронавтика конгресси (IAC) ўтказилиши тўғрисида Австралиянинг Сидней шаҳрида қабул қилинган қарор муносабати билан танланган.
Лойиҳа доирасида «Ўзбеккосмос» агентлиги мутахассислари сунъий йўлдошнинг борт тизими учун махсус сунъий интеллект модулини ишлаб чиққан. У гиперспектрал маълумотларни тўғридан-тўғри орбитанинг ўзида қайта ишлаш имконини беради ва Ерни масофадан туриб кузатиш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
Олинадиган маълумотлар қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурсларни мониторинг қилиш ва бошқа соҳаларда қўлланилиши режалаштирилган.
Вазирлик маълум қилишича, ҳозирда ракета старт кемаси бортига жойлаштирилган бўлиб, учириш нуқтаси томон ҳаракатланмоқда. Барча тайёргарлик ишлари тасдиқланган режага мувофиқ давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Samarkand-2028» сунъий йўлдоши лойиҳаси 2025 йил декабрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган эди. У ҳаво сифати, қишлоқ хўжалиги ерлари ҳамда ўрмонлар ҳолатини кузатишда фойдаланилиши белгиланган.
Изоҳ