Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Вазиятлар марказида пойтахт умумтаълим мактабларида ўқувчилар давоматини назорат қилиш ва дарс қолдириш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда «SI Davomat» тизимининг ишлаш механизми ҳамда Сергели туманидаги тажриба натижалари кўриб чиқилди.
Янги тизим смарт-камералар ва Face ID технологияси ёрдамида ўқувчиларнинг дарсда иштирокини автоматик равишда қайд этади. Агар ўқувчи сабабсиз дарс қолдирса, унинг ота-онасига SMS-хабарнома юборилади.
Шунингдек, давоматга оид маълумотлар мактаб директори, профилактика инспектори, Миллий гвардия ходими ва маҳалла вакилларига автоматик тарзда етказилади.
Ҳозирда «SI Davomat» тизими Сергели туманидаги 26 та мактабда синовдан ўтказилмоқда. Ушбу мактабларда жами 446 та смарт-камера ўрнатилган.
Тизим «ERP Maktab» ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг DMED тизимлари билан интеграция қилинган. Бу орқали касаллиги сабабли дарсга келмаган ўқувчиларни сабабсиз дарс қолдирганлардан фарқлаш имконияти яратилган.
«SI Davomat» тизими асосида мактаблар давомат кўрсаткичларига қараб «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади.
Сергели туманидаги тажриба натижалари асосида тизимни Тошкент шаҳрининг бошқа умумтаълим мактабларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ