Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши бугун “Марказий Осиёда электр энергияси бозорини ривожлантириш ва энергия тизимлари интеграцияси” (REMIT) дастурини тасдиқлади. Дастурни амалга ошириш 10 йил давом этади.
Дастур уч босқичга бўлинган бўлиб, уларнинг асосий мақсади минтақа энергетикасида шерикликни ривожлантиришдан иборат. Дастур Марказий Осиёда биринчи электр энергияси бозорини яратиш, минтақавий савдони ривожлантириш, электр узатиш тизимларининг ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларининг минтақа мамлакатлари энергия тизимларига кенг кўламли интеграцияси учун асос яратишга қаратилган.
REMIT дастурининг биринчи босқичи доирасида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг "Энергия" мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази дастурнинг тегишли тадбирларини амалга ошириш учун умумий қиймати 143,2 миллион долларлик грантлар ва имтиёзли молиялаштиришни олади. Ушбу маблағлар Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт ассоциацияси ресурсларидан 140 миллион доллар ва Марказий Осиё учун сув-энергетика дастури (CAWEP) грантлари шаклида 3,2 миллион долларни ўз ичига олади.
"Марказий Осиёда электр энергиясига бўлган талаб тез суръатлар билан ўсиб бормоқда ва ҳозирги тенденциялардан келиб чиқиб, 2050 йилга бориб уч баробар ошиши мумкин. Минтақа иқтисодиётининг ўсиши, аҳоли сонининг кўпайиши, саноатнинг ривожланиши ва шаҳарларнинг кенгайиши билан арзон, ишончли ва барқарор энергияга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Энергия хавфсизлиги ва арзонлигини ошириш учун катта салоҳиятга қарамай, Марказий Осиёда электр энергияси савдоси ҳали ҳам чекланган бўлиб қолмоқда ва электр энергиясига бўлган умумий талабнинг атиги 3 фоизини ташкил этади. Гарчи минтақа бой ва бир-бирини тўлдирувчи тоза энергия ресурсларига эга бўлса-да, қайта тикланадиган энергия манбалари электр энергияси ишлаб чиқаришнинг атиги 4 фоизини ташкил этади," - дейилади банк хабарида.
REMIT дастури минтақанинг бир-бирини тўлдирувчи энергия ресурсларидан, жумладан, Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэнергетика, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги иссиқлик электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш, шунингдек, Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида ўсиб бораётган қуёш ва шамол энергияси салоҳиятидан фойдаланишга қаратилган.
Кейинги ўн йил ичида REMIT дастури электр энергияси савдоси ҳажмини йилига камида 15 000 ГВт/соатгача оширишга ёрдам беради, бу бутун Марказий Осиё бўйлаб миллионлаб одамларнинг йиллик эҳтиёжларини қондириш учун етарли.
Шунингдек, у электр узатиш линияларининг ўтказувчанлик қобилиятини 16 ГВт гача уч баравардан кўпроққа оширишга, шунингдек, минтақа мамлакатларининг энергия тизимларига 9 ГВт гача тоза энергия қувватларининг интеграциясини таъминлашга ёрдам беради. Минтақавий энергетика интеграциясини мустаҳкамлаш янада мувозанатли ва барқарор энергия тизимини яратиш, электр таъминотидаги узилишларни камайтириш, уй хўжаликлари ва бизнес учун энергия нархини пасайтириш имконини беради.
"REMIT дастури Марказий Осиё мамлакатларининг энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва минтақавий электр энергияси бозорини яратишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлайди. Бу энергия ресурсларидан, шу жумладан трансчегаравий тоза энергия алмашинуви орқали янада самарали фойдаланиш, энергия таъминоти ишончлилигини ошириш, аҳоли ва бизнес учун электр энергиясини янада арзонлаштириш, янги иш ўринларини яратиш имконини беради. 2050 йилга бориб яқинроқ энергия интеграцияси ва электр савдосини ривожлантириш минтақага 15 миллиард долларгача иқтисодий фойда келтириши мумкин," - деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин.
REMIT дастурини молиялаштиришнинг умумий тахминий ҳажми 1,018 миллиард долларни ташкил этади ва уни уч босқичда амалга оширишни назарда тутади. Ушбу маблағлар Марказий Осиёда минтақавий электр энергияси бозорини ривожлантириш ва ишга тушириш, минтақавий узатиш инфратузилмасини мустаҳкамлаш, энергия тармоқларининг ишончлилигини ошириш учун рақамли тизимларни жорий этиш, шунингдек, энергетика соҳасида минтақавий институтлар ва мувофиқлаштиришни кучайтиришга йўналтирилади. Дастур доирасидаги инвестициялар, шунингдек, минтақа мамлакатларига энергетика инфратузилмасини қуриш соҳасида ҳам, минтақавий электр энергияси бозорини бошқариш соҳасида ҳам юқори малакали мутахассислар учун янги иш ўринларини яратишга ёрдам беради.
"Биринчи босқич доирасида энергия тармоғида 900 МВтга яқин янги тоза энергия қувватларининг интегратсиялашуви таъминланиши кутилмоқда, бу эса 700 миллион долларга яқин хусусий инвестицияларни жалб қилиш имконини беради. Ушбу чора-тадбирлар ушбу жадал ривожланаётган минтақада янада ишончли ва интеграциялашган энергия тизими учун пойдевор яратади," - деди Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги инфратузилма бўйича директори Чарлз Корме.
REMIT дастурининг кейинги босқичлари юқорида қайд этилган натижаларга таянган ҳолда минтақавий электр энергияси бозори кўламини кенгайтириш, ўтказувчанлик қобилиятини ва минтақавий инфратузилмани рақамлаштиришни кучайтириш, шунингдек, тегишли минтақавий институтларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имконини беради.
Изоҳ