Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкентда BYD ҳайдовчиси ва унинг отаси йўл талашиб, Gentra ҳайдовчисини уриб, машинасининг ойналарини синдиришгани ва кейинроқ ушбу вақтда машинада бўлган жабрланувчининг ҳомиладор турмуш ўртоғи ҳомиласини туширгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ҳолат Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилган. Бу ҳақда UzNews.uz’га Тошкент шаҳар судлари Матбуот хизмати хабар берди.
Судда 24 ёшли И. Ю. ўз айбига қисман иқрор бўлди. Унинг сўзларига кўра, Lacetti ҳайдовчиси Д.С. унинг йўлини тўсиб қўйган, шу сабабли судланувчи кескин тормоз босишга мажбур бўлган. Унинг отаси 55 ёшли Б.У. Lacetti ҳайдовчисига танбеҳ берган.
Шундан сўнг Д. С. қасддан 5-6 марта кескин тормоз бериб, авария ҳолатини юзага келтирган. Унинг айтишича, навбатдаги танбеҳга Lacetti ҳайдовчиси отасини ҳақорат қилиб, жўнаб кетган. Шундан сўнг И. Ю. автомобилни кўприкка босиб, тўхтатган ва оёғи билан уриб, ён ойнасини синдирган. Шу билан бирга, у Д.С. ва унинг рафиқасига тан жароҳати етказганини рад этди.
Судланувчи, шунингдек, Д.С. терговга видеотасвирнинг фақат ўзига керакли парчаларини берганини, бироқ видеони тўлиқ тақдим этмаганини, терговчи эса жиноят ишини бир томонлама олиб борганини таъкидлади.
Шунингдек, у мазкур ҳолатни Д.С. атайлаб келтириб чиқарганини айтиб, Д.С. ва унинг турмуш ўртоғини ёлғон кўрсатма бергани учун жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқишни сўраган.
Дастлаб судланувчиларга ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми "e," "к" бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик ниятида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) бўйича айблов эълон қилинган. Суд-тиббий экспертизаси жабрланувчида ҳаёт учун хавфли бўлмаган енгил тан жароҳатлари борлигини аниқлади. Шу билан бирга, ҳомила тушиши ҳақидаги тахмин асосли деб топилмади, чунки ҳодиса содир бўлгунга қадар ҳомиладорликни тасдиқловчи тиббий ҳужжатлар мавжуд эмас эди. Шу муносабат билан суд оғир жиноят содир этишга қасд мавжудлиги исботланмаган деган хулосага келди.
Суд уларни ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми "б" бандида (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Уларга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Уларнинг ҳибсда сақланган вақтини инобатга олиб, 1 йил 6 ой 24 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Изоҳ