Аввалроқ «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров рус рассоми уйини унга эҳтиёж йўқлиги сабабли бузишга чақиргани ҳақида хабар берган эдик. Унинг сўзларига кўра, Маданий мерос агентлиги, аввало, Ўзбекистон миллий маданияти билан боғлиқ объектларни сақлашга ресурс йўналтириши керак.
Агентлик бунга жавобан объектларнинг тарихий қиймати қонун ва илмий экспертиза асосида белгиланиши, «керак ёки керак эмас» тамойили асосида эмаслигини билдирди.
Идора, шунингдек, маданий меросни миллий мансублик белгисига кўра ажратиш мумкин эмаслигини таъкидлади.
Агентлик баёнотидан сўнг Алишер Қодиров идора бюджет ҳисоботи вақтида халқ вакиллари томонидан кўтарилган асосли саволларга жавоб бериш ўрнига бундай муносабат билдирганини айтди. У партия бунга жавоб бермаслигини, парламент сўрови юбориши ёки парламент эшитувларини ўтказишини маълум қилди.
«Агентлик Сармышсой, Шоҳи Зинда ва Миздаҳқон қалъаси каби ноёб маданий мерос объектлари бўйича танқидимиз ва таклифларимизни эътиборсиз қолдириб, энди рассомнинг миллати билан маданий мероснинг “миллати”ни боғлашга ва мавзуни миллатлараро кескинлик майдонига ўтказишга уринаётгани ажабланарли», — деб ёзди у.
Алишер Қодиров агентлик эътибор қаратиши керак бўлган саволларни санаб ўтди:
- 1. Нега Сармышсой каби ноёб мерос объектига миллиардлаб маблағ сарфланган бўлса-да, гектарлаб ҳудудни эгаллаган очиқ осмон остидаги музей қаровсиз ва ташландиқ ҳолатда қолмоқда?
- 2. Нега Шоҳи Зинда чўкиб бормоқда, яқинидан ўтадиган автомобиль йўли унга жиддий зарар етказмоқда, таъмирлаш учун маблағ йўқ, аммо ҳокимият устидан ҳеч ким судга мурожаат қилмаяпти?
- 3. Нега Бухородаги Қуръоннинг энг қадимий нусхаси Аркда талабларга жавоб бермайдиган сақлаш жойида қолдирилган?
- 4. Нега давлатнинг ноёб Довон мероси устида жойлашган ерлар қишлоқ хўжалиги учун берилган? У ерда археологик қазишмалар олиб борилиши керак эмасмиди? Ахир бу ер остида давлатчилигимизнинг буюк тарихи билан боғлиқ, Хитой мактабларида ҳам расман ўрганиладиган шарафли меросимиз бор. Нега Агентлик ҳокимият билан судлашмаяпти?
«Нега агентлик минг йиллик миллий маданиятимиз ва меросимизга совет даври меросига кўрсатаётгани каби эътибор бермаяпти? Ўтган йилдан буён жавоб олишга ҳаракат қилаётган ўнлаб саволлар бор. Биз ўрнини тўлдириб бўлмайдиган маданий меросимиз четда қолиб, рус рассоми, ўзбек адабиётшуноси, украин архитектор ёки келиб чиқишидан қатъи назар, ҳурматли юртдошларимиздан бирининг хонадонини сақлашга кўпроқ эътибор қаратилаётганига эътироз билдирамиз. Биз уларнинг қадрини асло инкор қилмаяпмиз. Ёки айрим мерос объектларини сақлаш фойдалироқми?» — деб ёзди Алишер Қодиров.
У, шунингдек, давлат раҳбарининг «Депутатга муносабат — халққа муносабат» деган сўзларини эслатди.
«Халққа эса унинг қадриятлари ва минг йиллик меросини асраш учун ажратилаётган маблағлар қандай сарфланаётгани ҳақида ҳисобот керак, сизнинг провокацион баёнотларингиз эмас», — деди депутат.
Изоҳ