"Хавфсиз ва соғлом юрт" ойлиги доирасида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказиб, спа-салон ниқоби остида фаолият юритган жиноий гуруҳни аниқлади.
Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчилар — Н.Р. ва З. салон биносида фоҳишахона ташкил қилган. Улар ишга жойлаштириш баҳонасида икки нафар қизни жалб қилиб, уларни ўз хоҳишига қарши ушлаб турган, шаҳвоний эксплуатация қилган ҳамда мижозларга интим хизмат кўрсатишга мажбурлаб, ноқонуний даромад орттирган.
Жабрланувчилардан бири Telegram орқали официантка бўш иш ўрни ҳақидаги эълонга мурожаат қилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, манзилга етиб келгач, шахсий буюмлари тортиб олинган ва ертўлага туширилиб, энди массажчи сифатида ишлаши айтилган.
Жабрланувчининг таъкидлашича, қизлар мижозлар олдига чиқишдан бош тортганида, улар калтакланган, сочидан судралган, овқат берилмаган ҳамда ечинтириш, калтаклаш ва кўчага ҳайдаш билан қўрқитилган. Шунингдек, гумонланувчилар уларга ўлим билан таҳдид қилиб, «жасадингизни ҳеч ким тополмайди», деб қўрқитгани ҳам маълум қилинган.
Махсус операция давомида яна етти нафар қиз массажчи ниқоби остида фоҳишалик билан шуғуллангани ҳам аниқланган.
Гумонланувчилар интим хизмат кўрсатиш эвазига 320 АҚШ доллари ва 6 миллион 250 минг сўмни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳодиса жойидан жиноятга оид ашёвий далиллар мусодара қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ